Бугун Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Кун тартибида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига депутатлар сайловининг натижалари ҳамда сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Мажлисни ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шухрат Джураев олиб борди.
Кириш сўзида ҲСК раиси 2024 йил 27-октабрда ўтказилган халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига депутатлар сайлови натижалари тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида вилоятимиздан рўйхатга олинган 640 182 нафар сайловчиларнинг 467 307 нафари ёки 72,9 фоизи иштирок этди.
Мажлис қарорига кўра халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомалари қабул қилинди. Мазкур баённомалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 20, 26, 921, 96 ва 97-моддаларига мувофиқ Сайлов округларидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига сайланган 40 нафар депутат рўйхатга олинди.
Сайланган депутатларнинг 27 нафари эркаклар, 13 нафарини аёллар ташкил этади. Шундан 30-45 ёшгача бўлган депутатлар - 9 нафар, 45-60 ёшгача - 17 нафар, 60 ёшдан юқори - 14 нафар. Депутатларнинг 7 нафари илмий даража ва унвонга эга, 13 нафари турли давлат мукофотлари совриндорларидир.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг 15 нафари педагогика, 9 нафари муҳандислик, 7 нафари иқтисодиёт (молия), 3 нафари тиббиёт, 1 нафардан ҳуқуқ (сиёсат) ва қишлоқ хўжалиги ҳамда 4 нафари бошқа мутахассисликка эга.