“Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларининг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди

18.10.2024

112

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. 

 

Бугун Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларининг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.

 

Семинарда Навоий вилоятида фаолият юритаётган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, бир гуруҳ журналистлар, ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

 

         

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Джураев ўз маърузасида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутиши ҳамда фуқароларнинг электорал маданиятини оширишда ҳам журналистларнинг ўрни катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, фуқаролар ахборот олиш ҳуқуқига эга. Бу қоида сайлов кампанияси давомида сайловчиларни овоз бериш тартиб-қоидалари ва сайловолди ташвиқоти масалалари тўғрисида хабардор қилинишни тақозо этади, - дейди ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Джураев. - Сайлов ташкилотчилари бу вазифани асосан ахборот кампаниялари ташкил этиш – босма нашрлар, телевидение ва радио, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқлар, ташқи реклама, варақалар орқали амалга оширадилар. Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5-октабрдаги 952-сонли қарори билан тасдиқланган “Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ОАВ вакиллари сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитациядан ўтказилади. 

 

           

 

Таъкидлаш керакки, бу йилги сайловларда “Э-сайлов” ахборот тизими орқали сайлов жараёнларига оид 60 турдаги муносабатлар рақамлаштирилди. ОАВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи ҳам илк бор электрон шаклда амалга оширилди. Бугунги кунда вилоятимиздан 4 та босма, 1 та телерадиоканал, 2 та интернет нашрининг жами 28 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Аккредитация гувоҳномалари тизим орқали автоматик тарзда янги замонавий кўринишда шакллантирилди ҳамда маҳаллий ОАВ вакилларига тақдим этилади.

 

Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов ўз маърузасида муҳим сиёсий тадбирни холис, ҳаққоний, адолатли ёритиш ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларига катта масъулият юклаши тўғрисида сўз юритди.

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раҳбари Отабек Аслонов жорий йилги сайловлар янги сайлов қонунчилиги асосида ўтказилаётганини ҳамда сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш масъулияти юзасидан маъруза қилди.

 

           

 

- “Сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларининг ўрни” мавзусидаги семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад - маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнларида иштирок этиш ва ёритишда Қонунчиликда белгиланган масъулият ва мажбуриятлар тўғрисида батафсил хабардор этиш, - дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси Матбуот маркази раҳбари Дилфуза Гулямова. - Сайловни масъулиятли ёритиш учун 5 та асосий тамойил мавжуд. Улар: сайлов жараёнига оид ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш; сайловчиларни сайлов жараёнлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиб бориш; эълон қилинаётган барча маълумотларнинг тўғри ва ишончли эканлигини текшириш; барча номзодларнинг сайловолди дастурларини тақдим этиш; холислик принципига амал қилган ҳолда барча сиёсий партиялар, номзодлар ва сайловчиларга ўз фикрини баён этиш учун имконият яратиш ҳисобланади. Ишонч билдирамиз, маҳаллий ОАВ вакиллари бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда юқорида айтиб ўтилган Қонунчиликда белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилган ҳолда ўз фаолиятларини олиб боришади. 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур