Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бўлими бошлиғи Евгений Козяк ҳамда МДҲ кузатувчилари миссияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими маслаҳатчиси Денис Варганов Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раис ўринбосари Гулноз Аслонова билан бўлган мулоқотда муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнлари, сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари, мазкур жараёнда ҳудудий сайлов комиссиясининг вазифалари, сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш тартиби, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайлов куни кўрилаётган тайёргарлик юзасидан суҳбатлашди.
Хусусан, қисқа муддатли хорижий кузатувчилар МСК томонидан тайёрланган ва ҳудудларга юборилган Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-услубий қўлланма, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш сайловларига оид қонунчилик ҳужжатлари тўплами, Сиёсий партиялардан кузатувчилар учун эслатма, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларга эслатма, Ички ишлар органлари ва миллий гвардия ходимлари учун эслатма ҳамда Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига сиёсий партияларнинг номзодлар рўйхати каби қўлланмаларга алоҳида эътибор қаратиб, мазкур ўқув-услубий қўлланма ва эслатмалар сайлов жараёни ташкилотчилари учун муҳимлигини эътироф этди.
Шундан сўнг Евгений Козяк ҳамда Денис Варганов ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг иш фаолияти, уларга яратилган шароитлар билан танишди ва бугунги кунда сайлов участкаларида кечаётган жараён - муддатдан олдин овоз беришга қизиқиш билдирди.
Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси
Матбуот маркази