Навоий вилоятидаги барча туман ва шаҳарларда сайлов ўтказувчи участка комиссиялари аъзолари учун ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда

05.09.2024

147

msk_yangiliklari_in

Ҳудудий, туман (шаҳар), округ ва участка сайлов комиссияларининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатишлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайловларининг муҳим мезонлари ҳисобланади.

 

Мавжуд тажрибани инобатга олиб, ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг муҳим вазифаларидан биридир.

 

 

Жорий йилнинг 5 сентябрь санасидан бошлаб Навоий вилоятидаги барча туман ва шаҳарларда параллел равишда сайлов қонунчилиги бўйича сайлов ўтказувчи участка комиссиялари аъзолари (раис, раис ўринбосари ва котиб) учун 3 кунлик ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 5-18 сентябрь кунлари вилоятимиз бўйлаб ўтказилиши белгиланган мазкур ўқувлар икки босқичда амалга оширилади.

 

Ўқувларнинг биринчи босқичида республика тренерларининг назорати остида ҳудудий тренерлар томонидан 18-24 нафар тингловчидан иборат шакллантирилган гуруҳлар кесимида интерактив усулларда (маъруза, симуляция, сайлов жараёнларини моделлаштириш, видео-дарс, видеоролик, сайловга оид савол-жавоблар, тест) участка сайлов комиссияси аъзолари ўқитилади. Машғулотлар тасдиқланган режа-жадвалга тўла амал қилган ҳолда сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишига туман/шаҳар ишчи гуруҳлари ва ҳудудий тренерлар масъул ҳисобланади.

 

 

 - Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида малакали экспертлар томонидан ўқув режалари ва улар асосида ўқув-услубий материаллар, яъни маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видеодарс ва бошқа материаллар тайёрланган, - дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси котиби Фурқат Холбутаев. – Ўқув дастури мазмунида участка сайлов комиссияларини тузиш тартиби ва фаолиятининг асосий жиҳатлари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлиги, СЖБАТ ва СЯЭРни шакллантириш, долзарблигини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш каби бир нечта мавзуларда ўз аксини топади. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-услубий қўлланма” барча округ ва участка сайлов комиссияси аъзоларига етказиб берилди.

 

 

Биринчи поғона ўқув-амалиёт машғулотлари якуни бўйича Махсус таълим платформасида онлайн тарзда тест топширилади. Ҳудудий ишчи гуруҳи ҳамда ҳудудий тренерлар томонидан тест натижалари таҳлил қилиниб, навбатдаги ўқув-амалиёт машғулотларига қадар мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси 

Матбуот маркази

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур