Навоий давлат педагогика институти биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутатларининг сайловларини ўтказувчи туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 23-24 август кунлари ташкил этиладиган мазкур ўқувларда тингловчиларга Сайлов тизимига киритилган ўзгаришлар, аралаш сайлов тизимининг моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари, сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш кунига тайёргарлик, сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлиги шунингдек, сайлов натижаларини аниқлашнинг назарий ва амалий жиҳатлари бўйича батафсил маълумотлар берилади.
- Жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўтказиладиган сайловлар янгича тизимда бўлиши эътиборли, - дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Хуршид Қурбонов. – Сиёсий очиқлик ва ошкоралик билан ўтказиш жараёнига ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча Ватанимиз келажаги учун фаол бўлишимиз зарур. Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, сайловни қонунийлик, адолатлилик, холислик ва ошкоралик принтсиплари асосида ўтказишда янги талабларни қўймоқда. Бу, ўз навбатида, сайлов жараёнларини қонунчиликка мос тарзда уюшқоқлик билан ташкил этиш учун, энг аввало, сайловларини ўтказувчи туман, шаҳар сайлов комиссияларининг аъзолари: раиси, раис ўринбосари, котиблари, аъзолар ҳамда сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчиларини ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини янада юксалтириш бўйича бир қатор зарур тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Ушбу семинар-тренинглар, Республика ва ҳудудий тренерлар назоратида ўқув-амалий машғулот сифатида ташкил этилмоқда. Тренингларда интерфаол воситалар ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилганлиги машғулотларнинг сифат ва самарадорлигини ошириб, иштирокчилардан округ ва участка сайлов комиссиялари бинолари ҳамда овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини таъминлаш, сайлов натижаларини аниқлаш жараёнини пухта ўзлаштириш талаб этилади. Шу боис, уларнинг семинарда олган назарий билимлари амалий машғулотларда янада мустаҳкамланди.
33 нафар туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун ташкил этилган икки кунлик семинар-тренинглар якунида да тингловчилар spv.bimm.uz порталида тест топширадилар ҳамда ўқув жараёнида олган назарий билимларини амалий машғулотларда янада мустаҳкамлайдилар.