ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДЛАР РЎЙХАТГА ОЛИНДИ

21.09.2024

29356

msk_yangiliklari_in

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

 

Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

 

 

Комиссия раиси Ш.Джураев бошқариб борган мажлисда Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги депутатлик ўринлари учун 200 нафар номзодлар тўғрисидаги аризалар “Е-сайлов” тизими орқали ҳудудий сайлов комиссиясига юборилганлиги ҳақида ахборот берилди.

 

- Номзодларнинг 198 нафари олий маълумотли бўлиб, уларнинг 2 нафари хорижда олий таълим олган, 2 нафари эса ўрта махсус маълумотли. Номзодларнинг 16 нафари илмий даража унвонларга эга, 16 нафари турли давлат мукофотлари совриндорларидир, - дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раис ўринбосари Гулноз Аслонова. - Номзодларни миллати бўйича таҳлил этганимизда ўзбеклар 183 нафарни (91,5%), қозоқлар 8 нафарни (4%), тожиклар 1 нафарни (0,5%), бошқа миллат вакиллари 7 нафарни (3,5%) ташкил этмоқда. Депутатликка номзодларни мутахассислиги бўйича таҳлил этилганда педагоглар 79 нафарни (39,5%), иқтисодчилар 32 нафарни (16%), шифокорлар 22 нафарни (11%), қишлоқ хўжалиги ходимлари 14 нафарни (7%), муҳандислар 11 нафарни (5,5%), ҳуқуқшунослар 5 нафарни (2,5%) ҳамда бошқа касб эгалари 37 нафарни (18,5%) ташкил этмоқда. Номзодларнинг 86 нафари (43 фоизи)ни хотин-қизлар ташкил этмоқда. Сиёсий партиялар томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашига номзодларни тавсия этишда тегишли қонунлар Сайлов кодексига белгиланган талабларига риоя қилинган.

 

 

Мажлисда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Мажлисда, шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жорий йилнинг 22 сентябридан бошланиши ҳамда мазкур жараён сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида тўхтатилиши маълум қилинди. 

 

 

Сайловолди ташвиқот даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга Навоий вилояти телерадиокомпаниясида ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти, вилоят “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида бир хил нашр майдони бепул ажратилиб, тенг шароитлар таъминланиши қайд этилди. 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот маркази

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур