ЗАРАФШОН ШАҲРИДАГИ ФАОЛИЯТИ НАМУНАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН 235-САЙЛОВ УЧАСТКАСИ

03.10.2024

124

msk_yangiliklari_in

Ҳудуддаги 1-сонли умумтаълим мактабидаги сайлов участкаси учун ажратилган хоналар қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, зарур техника воситалари ва тегишли адабиётлар билан таъминланган. Сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари билан мавжуд, участкада овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари тайёрланган.  

 

- Бугунги кунда юртимизда сиёсий жараёнлар қизғин паллада давом этмоқда. Зарафшон шаҳрида жойлашган барча сайлов участкаларида мазкур муҳим сиёсий жараёнларга ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, 235-сайлов участкаси таркибида бўлган 9 нафар аъзолар томонидан участка ҳудудида жойлашган хонадонларда уйма-уй юрилиб, 2122 нафар сайловчилар рўйхати шакллантирилди. Сайловда овоз берадиган сайловчиларнинг 70 нафаридан ортиғи кекса ёшдаги сайловчилардан иборат бўлса, 15 нафари – илк бора овоз бериш ҳуқуқига эга ёшлар ҳисобланади, - дейди Зарафшон шаҳридаги 235-сайлов участкаси раиси Жамила Холбоева.

 

 

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Зарафшон шаҳрида жами 30 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, шундан 20 таси умумтаълим мактабларида, қолганлари касб-ҳунар мактаби, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Уларда сайловчиларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини таъминлаш билан бир қаторда ҳудудий сайлов комиссиясидан бириктирилган комиссия аъзолари томонидан участка сайлов комиссияларининг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам изчил давом эттириляпти.

 

 

Шунингдек, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ҳамда ҳуқуқий саводхонлиги ва фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув амалий қўлланма” асосида юқори малакали тренерлар томонидан олиб борилиб, машғулотлар жараёнида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмалари ҳам ривожлантирилмоқда.

 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

 

Матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур