Хатирчи туманида сайлов жараёнига тайёргарлик жадал суръатларда олиб борилмоқда

07.10.2024

129

msk_yangiliklari_in

Яна саноқли кунлардан кейин, аниқроғи 27-октабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Шу кунларда йирик сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда, жумладан вилоят марказидан олисда жойлашган ҳудудларда ҳам.

 

Жорий йилги сайловларни ўтказиш мақсадида Хатирчи туманида 7 та вилоят, 25 та туман округ, 69 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, барчасида сайловга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилган. Хусусан, тумандаги 288-сайлов участкасида ҳам ажратилган хоналар қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Жумладан, зарур техника воситалари – компьютер жамланмалари, телефон, факс, нусха кўчириш аппарати ва тегишли адабиётлар, сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари билан таъминланган. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари тайёрланган.

 

 

– Бугунги кунда бизнинг сайлов участкамизда сайловлар жараёнига тайёргарлик жадал суръатларда олиб борилмоқда, – дейди сайлов комиссияси аъзоси Гулноз Ёрматова. – Уйма-уй, кўчама-кўча юрилиб, сайловчилар рўйхати шакллантирилмоқда. Уларга сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликлар тушунтирилмоқда. Участкамизда 1800 нафар сайловчи бўлиб, уларнинг 45 нафари биринчи марта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшлардир. Биз уйма-уй юриш жараёнида ёшлар билан учрашиб, уларга ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкинлигини, сайловда фаол иштирок этиб, Ўзбекистонимизнинг равнақига ҳисса қўшишларини тушунтирмоқдамиз. Сайлов участкамизда сайлов жараёнига тайёргарлик олиб борилиши билан бир қаторда ўқувлар ҳам давом этмоқда. Сайлов қонунчилигида ўзгаришлар бўлганлиги сабабли ҳар бир аъзога тушунчалар берилмоқда. Ўқув услубий қўлланмалар тарқатилган.

 

Таъкидлаш ўринлики, Хатирчи туманида 124 минг 922 нафар сайловчи бўлиб, 69 та сайлов участкасининг 56 таси умумтаълим мактабида, 5 таси касб-ҳунар мактабида, 5 таси маҳалла, 1 таси тиббиёт муассасаси ва 2 таси маданият ва спорт марказида жойлашган.

 

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур