Узоқ муддатли кузатувчилар сайловга тайёргарлик жараёни уларда ижобий хулоса қолдираётганини эътироф этди

15.10.2024

103

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловларида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган узоқ муддатли кузатувчилар - Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ)нинг узоқ муддатли кузатувчилари – Свитил Павел ҳамда Сковбо Стиг бугун Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига ташриф буюрди.

 

Учрашувда ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Джураев бу йилги сайловлар жараёнининг олдинги сайловлардан фарқли ўлароқ аралаш тизимда ўтказилаётганлиги, айни пайтда календарь-режага асосан амалга оширилаётган фаолият, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, 27-октабрда бўлиб ўтадиган сайлов кунидаги саноқ жараёни ва олиб борилиш тартиби ҳақида маълумот берди.

 

Таъкидланганидек, бугунги кунда муддатдан олдин овоз бериш учун 10 фоиз миқдоридаги сайлов бюллетенлари сайлов участкаларига етказилган.

 

Ўз навбатида узоқ муддатли кузатувчилар сайловга тайёргарлик жараёни уларда ижобий хулоса қолдираётганини эътироф этган ҳолда, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, сайлов участкаларида жараённинг ташкил этилиши, сайловчилар рўйхати, жумладан, ногиронлиги бор шахслар рўйхатининг шакллантирилиши каби саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

 

Шунингдек, кун давомида узоқ муддатли кузатувчилар Навоий шаҳрида жойлашган “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти” ДУК биносига ташриф буюрди.

 

Суҳбат аввалида узоқ муддатли кузатувчиларга Навоий вилояти тарихи, саноати, ижтимоий-иқтисодий, туризм соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, мазкур муҳим сиёсий жараён Янги Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи ҳаётида унутилмас воқеа сифатида алоҳида эътирофга лойиқ эканлиги таъкидланди.

 

Учрашув давомида таҳририят Бош муҳаррири Бобоқанд Умаров томонидан вилоят босма нашрида сайлов жараёнлари қай даражада ташкил этилаётганлиги, Қонунчиликда белгиланган тартибда сиёсий партиялар ташвиқотини ташкил этиш, босма нашр орқали сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари билан аҳолини таништириш, биринчи маротаба овоз берадиган ёшлар учун тарғибот материалларини тайёрлаш ҳамда жойларда сайловга тайёргарлик кўриш ҳақидаги мақолалар чоп этилиши ҳақида маълумотлар берилди. 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур