ТАЛАБА ЁШЛАРНИНГ САЙЛОВГА ҚИЗИҚИШИ ОРТИБ БОРМОҚДА

14.09.2024

192

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 13-сентабр санасида Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси жойлашган бинода комиссия аъзолари ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг 1-босқич талабалари иштирокида учрашув ўтказилди.

 

 

Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, сайлов қонунчилиги бўйича маълумотлар беришга қаратилган мазкур мулоқотда дастлаб 27-октабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови, вилоятимизда сайловни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

 

Учрашув давомида талаба ёшлар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар, Сайлов тизимига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишлари учун яратилган имтиёзлар, сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов бюллетенини тўлдириш тартиби тўғрисида тушунчалар берилди.

 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Ш.Джураев, раис ўринбосари Г.Аслонова ҳамда котиби Ф.Холбутаев ёшларни қизиқтирган саволларига атрофлича тўхталиб, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкоралик принципларини мустаҳкамлаш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши, аралаш сайлов тизимининг афзалликлари, жамиятни демократлаштириш фуқаролар сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан узвий боғлиқлиги, айниқса бу борада ёшларнинг сайлов кампаниясида фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

 

Учрашув давомида бу йилги сайловда илк маротаба овоз берадиган сайловчи талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда мазкур муҳим сиёсий жараён ҳақидаги тасаввур ва қарашлари билан ўртоқлашдилар.

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур