Юртимизда яна саноқли кунлардан кейин, аниқроғи 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда эса йирик сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Жорий йилги сайловларни ўтказиш мақсадида Хатирчи туманида 7 та вилоят, 25 та туман округ, 69 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, барчасида сайловга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилган. 288-сайлов участкасида ҳам ажратилган хоналар қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Жумладан, зарур техника воситалари – компьютер жамланмалари, телефон, факс, нусха кўчириш аппарати ва тегишли адабиётлар, сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари билан таъминланган. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари тайёрланган.
– Бугунги кунда бизнинг сайлов участкамизда сайловлар жараёнига тайёргарлик жадал суръатларда олиб борилмоқда, – дейди сайлов комиссияси аъзоси Гулноз Ёрматова. – Участкамизда 1800 нафар сайловчи бўлиб, уларнинг 45 нафари биринчи марта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшлардир. Уйма-уй, кўчама-кўча юрилиб, сайловчилар рўйхати шакллантирилмоқда. Уларга сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликлар тушунтирилмоқда. Биз уйма-уй юриш жараёнида ёшлар билан учрашиб, уларга ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиши лозимлигини, сайловда фаол иштирок этиб, Ўзбекистонимизнинг равнақига ҳисса қўшишини тушунтирмоқдамиз. Сайлов участкамизда сайлов жараёнига тайёргарлик олиб борилиши билан бир қаторда ўқувлар ҳам давом этмоқда. Сайлов қонунчилигида ўзгаришлар бўлганлиги сабабли ҳар бир аъзога тушунчалар берилмоқда. Ўқув услубий қўлланмалар тарқатилган.
Таъкидлаш ўринлики, туманда 124 минг 922 нафар сайловчи бўлиб, 69 та сайлов участкасининг 56 таси умумтаълим мактабида, 5 таси касб-ҳунар мактабида, 5 таси маҳалла, 1 таси тиббиёт муассасаси ва 2 таси маданият ва спорт марказида жойлашган.