Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 майдаги 1331-сон қарори ва мазкур Қарор билан тасдиқланган “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси”га мувофиқ ҳудудий экспертлар томонидан участка сайлов комиссиялари барча аъзолари учун сайлов кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида сайлов қонунчилигига қатъий амал қилиш юзасидан амалий машғулотлар ташкил этилади.
Мазкур тадбирлар олдидан Ёшлар маркази биносида Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Джураэв иштирокида Республика ва ҳудудий тренерлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида тренерлар сайлов участкаларига бориб участка сайлов комиссиялари барча аъзолари иштирокида овоз бериш хоналарини тайёр ҳолатга келтириш, стационар сайлов қутисини белгиланган жойга жойлаштириш, далолатномаларни вақтида ва тўғри тўлдириш, кузатувчи ва ОАВ вакилларини рўйхатга олиш ҳамда уларни сайлов жараёни кўринадиган жойга жойлаштириш, ҳар бир сайловчи шахсан ўзи овоз бериши, фақат бир маротаба овоз бериши, шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан бюллетень берилиши, овозларни санаш жараёнида ҳаракатлар кетма-кетлигига қатъий амал қилиш, баённомани тўғри тўлдириш ва бошқа вазифаларни тўғри бажариш юзасидан яна бир бор амалий машғулот ўтказиш бўйича йўналишлар берилди.