УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ ТАРКИБИ ТАСДИҚЛАНДИ

17.09.2024

203

msk_yangiliklari_in

Участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимида асосий бўғин ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, участка сайлов комиссиялари олдида жуда катта масъулиятли вазифалар турибди.

 

Бугун Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Мажлис кун тартибида “Участка сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Мажлисни вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Джураев олиб борди. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҲСК раис ўринбосари Гулноз Аслонова ҳамда котиби Фурқат Холбутаев ахборот берди.

 

 Мажлисда вилоят бўйича 430 та сайлов участкаларининг таркиби тасдиқланди.

 

 

Вилоят бўйича сайлов участкаларини тузишда Сайлов кодексининг 25-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 5 июндаги 1337-сон қарори иловаси билан тасдиқланган “Участка сайлов комиссияси тўғрисида”ги низом талабларига тўла амал қилинди, - дейди Навоий вилояти ҲСК аъзоси Хамид Жумаев. – Вилоят бўйича 430 та участка сайлов комиссияларига 3 минг 774 нафар аъзолар тавсия этилган бўлиб, уларнинг 3 минг 85 нафари (82%) аввал сайловда қатнашган бўлса, 689 нафари (18%) биринчи маротаба қатнашмоқда. Комиссия аъзоларининг 2 067 нафари хотин-қизлар (55%) бўлиб, уларнинг 129 нафари участка сайлов комиссияси раиси, 169 нафари комиссия раиси ўринбосари, 261 нафари комиссия котиби сифатида тавсия этилган.

 

 

  

Халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашлари томонидан номзодларни тавсия этишда қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилган, участка сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас шахслар аниқланмади, - дейди Навоий вилояти ҲСК аъзоси Маъруф Умерзаков. - Комиссия аъзоларининг 2 минг 875 нафари олий, 827 нафари ўрта махсус, 72 нафари ўрта маълумотли бўлиб, мутахассислиги бўйича таҳлил этилганда педагоглар 2 минг 279 нафарни, шифокорлар 481 нафарни, иқтисодчилар 347 нафарни, муҳандислар 191 нафарни, ҳуқуқшунослар 92 нафарни, журналистлар 19 нафарни ва бошқа касб эгалари 365 нафарни ташкил этмоқда.

 

Шунингдек, мажлисда вилоятда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқувларнинг юқори савияда ташкил этилаётгани, участка сайлов комиссиялари иши самарадорлигини таъминлаш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

 

 

 

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур