Навоий вилояти туман ва шаҳар марказларида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган навбатдаги ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгаш сайловлари бўйича маҳаллалар раислари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари давомида тингловчиларга 5 та мавзу бўйича батафсил маълумотлар берилди.
- Республика ва ҳудудий тренерлар томонидан вилоятдаги 330 нафар маҳаллалар раислари учун сайлов қонунчилиги ҳақида умумий тушунчалар бериш бўйича бир кунлик ўқув-амалиёт машғулотлари якунланди, - дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссия котиби Фурқат Холбутаев. – Тингловчиларнинг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларни қўллаш бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган мазкур ўқувларнинг дастурида долзарб мавзулар қамраб олинган бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари, сайловчиларнинг рўйхати билан ишлаш тартиби, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлаш ва муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, участка сайлов комиссиясининг сайлов жараёни бошқа иштирокчилари яъни оммавий ахборот воситалари ходимлари, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул идоралар вакиллари билан ҳамкорлиги ҳамда участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолиятига оид керакли билим ва кўникмалар берилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 33-моддасига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари сайловда маҳаллий кузатувчилар сифатида иштирок этиши белгиланган. Улар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.
Қонунчиликка мувофиқ маҳаллий кузатувчилар сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш, овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш каби ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳисобланади.
Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси Матбуот маркази