МАҲКУМЛАР УЧУН САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ

16.09.2024

163

msk_yangiliklari_in

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти 5-минтақавий ҳудуд 4-ЖИЭМда “Маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, сайлаш ҳуқуқи ва ундан фойдаланиш тартиби” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

 

Муассаса ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда вилоятдаги 5-, 11-, 12-сон ЖИЭК ва 36-сон манзил колониясида хизмат қилаётган 200 га яқин ходимлар видеоконференсия алоқа орқали иштирок этишди.

 

 

 

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Джураев сайлов тизимига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар ҳақида батафсил маълумот берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига асосан фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

 

Конституциямизга киритилган ўзгартишларга ҳамда Сайлов кодексига асосан эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи берилди. Натижада озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги белгиланди. Буларнинг барчаси эса умумий сайлов ҳуқуқи принципи янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талаблари имплементация қилинганидан далолат беради.

 

 

Учрашув давомида минтақавий вакил томонидан 4-сон ЖИЭКда маҳкумлар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, улар билан жамоавий учрашувлар ўтказилди. Ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани хусусида маҳкумларнинг фикрлари эшитилди. Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловларда маҳкумларнинг иштироки, муассасаларда маҳкумлар сайлаш ҳуқуқидан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилганлиги, уларнинг ҳам сайлов жараёнида онгли равишда иштирок этиши муҳимлиги тушунтирилди.

 

Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур